Қаҳрамон Исмоилов
Яссавийлик, кубровийлик ва нақшбандийлик тариқатининг ривожланиш даври айни мўғул истилосига тўғри келади. Тарихчи Т.Арнольднинг ёзишича, мўғул истилосидан кейин қаттиқ қўрқув ва қийинчиликка гирифтор бўлган халқ, тариқатларни ўзлари учун руҳий тасалли манбаи сифатида эътироф этдилар. [1].
Туркийларга хос бўлган яссавийлик тариқати XIII асрдан XV асргача Марказий Осиё, Хоразм, Кавказ халқлари ва Ўрта Волга татарлари орасида тарқалди.
Инглиз тасаввуфшуноси Ж.Тримингэм Хожа Аҳмад Яссавийнинг фаолиятига муносабат билдирар экан, уни туркий тилдаги ижодига, илоҳий «йўл»ни англаш ва англатишдаги саъй-ҳаракатларига ишора қилади. Унинг таъкидлашича, Яссавий асос солган таълимот диний ижтимоий ва маданий тармоқларга эгадир. Айни таълимот туркий қабилаларни исломлаштиришда, исломни туркий кўчманчилар орасида жорий қилишда, форсий-туркий тиллар ўртасида вужудга келишида, яъни Аҳмад Яссавий ва унинг издошлари асарларининг осон ўқилишида катта рол ўйнаган [2]. Олим бу ерда Яссавийнинг машҳур издошларидан бири Юнус Эмронинг ҳам шеърларини назарда тутгандир. Яссавий таълимоти Ж.Тримингэм таърифича, дарвешлар тариқати бўлиб, на бир турғун оқимга, на бир доимий ҳудудга эга бўлгандир. Ундан ташқари яссавийликнинг Марказий Осиёдаги исломдан ажратиб турадиган нарса шуки, у шайхлар мақбараларининг ҳамда муқаддас қадамжойларнинг қаршисида вужудга келган. Олимнинг таъкидлашича, Яссавий йўли муқаддас, афзал бўлган диний амалиётдир. Ушбу тариқат қадимги исломгача ва ундан кейин ҳам сақланиб қолган динларни сиқиб чиқарган бўлиб, яссавийлик дарвешлари уни дунёнинг турли ҳудудларига ёйганлар. Олим ушбу тариқатнинг ёйилишини қуйидагича баён қилган: «Бу тариқатнинг давомчилари тариқатни аввал ўз юртларида ёйдилар, кейин секин-аста бутун Туркистон ва Қирғизистонга, Шарқий Туркистондан Волгадаги Трансоксион вилоятининг шимолига, жанубдан Хуросонга ва Озарбайжоннинг ғарбига, сўнгра Кичик Осиёга Юнус Эмродек кишилар ёрдамида тарқатдилар [3].
Хуросон, Шимолий Эрон ва Онадўлида яссавийлик гуруҳлари ташкил топди. Яссавийлик нақшбандийликнинг зуҳурига қадар туркий диёрларда асосий нуфузга эга эди. Нақшбандийлик тариқати шакллангач, яссавийлик унинг бағрига сингиб кетади. Шу сингари яссавийликнинг ўрнини нақшбандийлик эгаллайди. Ўша даврда нақшбандийлик яссавийликка нисбатан мавқеи анча юксалиб кетганига қарамай, Сайҳунда, қирғиз-қозоқ адирларида яссавийлик ҳазратларининг нуфузи ва аҳамияти асло камаймади, бошқа бирон тариқат унинг ўрнини боса олмади [4]. Аҳмад Яссавий худди Туркистон ўлкасидагидек, Озорбайжон, Онадўли ва Болқон бўйларигача чўзилган ҳудудларда яшовчи аҳолининг маънавий ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирди. У яшаб ижод қилган давр салжуқийлар давлатининг давомчиси сифатида юзага келган Онадўли салжуқийларида турли тариқатлар бўлса-да, унинг туркийлашуви ва исломлашувида яссавийлик дарвешларининг ҳиссалари бордир. Яссавийнинг издошлари бу тариқатни ёйишда кўп юртларни кезиш билан бирга, ерлик аҳолига ўз ҳикматлари ёки пирларининг насиҳатлари орқали таъсир кўрсатган.
Ана шундай яссавийлик дарвеш шоирларидан бири Юнус Эмро бўлиб, кўпгина хориж олимлари томонидан тилга олинади [5]. Жумладан, немис олимаси Аннемарие Шиммел ҳам, ўз асари, «Қирқ сўфий»да унинг шахсияти ҳақида тўхталиб, айрим ҳикматларидан келтиради [6]. А.Шиммел фикрига кўра, у турк анъанасидаги биринчи мистик шоирдир. XIII асрда туркий мистик адабиёт шакллангандан кейин у ўз номи билан оддий ва қўшиқбоп мистик шеърлар ярата бошлади. Юнус Эмронинг шеърлари, у яшаб турган давр сўфийларидан ҳам бектошийлар адабиётига ҳамоҳанг эди. Олиманинг таъкидлашича, Юнус Эмронинг ижодий заҳирасидан кейинчалик кўплаб шоирлар илҳом олган ва дарвешлар завқ билан куйлаганлар. А.Шиммел Юнус Эмронинг шеърларидаги ғоя қандайлигини қуйидаги мисралари орқали ифода этади:
Қара, ишқ мендан нима яратди,
Мен Сени истайман — ёлғиз Сени.
Ва у ўз ишқида, истагида бутун табиатни ҳамдард қилди, ишқ азобини бирга туймоққа чорлади.
Тез орада шамолдек елиб кетаман,
Тез орада қизиган йўлдек тўзиб кетаман,
Тез орада асов дарёдек оқиб кетаман,
Қара, ишқ мендан нима яратди.
Юқорида келтирилган мисраларда Яратганга бўлган ишқ-муҳаббат тараннуми акс этмоқда. А.Шиммел Ю.Эмронинг шахсияти ҳақида кўп тўхталмайди, фақат унинг вафот этган санасини 1321 йил деса, Ж.Тримингэм «Исломда тасаввуф тариқатлари»да ушбу санани 1339 йил деб беради. Орадаги тафовут 18 йилни кўрсатмоқда, қай бири ҳақиқатга яқин?! А.Шиммел Юнус Эмро ва Авлиё (Асаф Ҳолит) Чалабийлар тариқатларининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий эканлигини айтмайди.
Шундай қилиб, яссавийлик тариқати издошлари томонидан кўп жойлар фатҳ этилди. Ўша давлатлар сирасига Онадўли, Жанубий Европа ва Осиё диёрлари кириб, уларга яссавийлик тариқати фикр-қарашларини тарғиб қилганлар Юнус Эмро, Ҳожи Бектоши Валий, Сулаймон Боқирғоний ва бошқа шоиру адиблардир.
Изоҳлар:
1. T.W.Arnold, Intiєar-I Islam Tarihi, зev: H.Gьndьzler, Ankara. 1971. s 339.
2. Тримингэм Дж. (айни асар) с 58; The Encyclopeadia of Islam Volume I. A-B. Leiden E.J.Brill. London Luzac & Co. 1960.
3. The Encyclopaedia of Islam… Vol. I. A-B.
4. Kхprыlы M.F. Tыrk Edebiyatinda Ilk Mutasavviflar.- (7. Baski) Ankara-1991.s. 117-118.
5. Edouard Roditi. «Western and Eastern Themes in the Poetry of Yunus Emre», Journal of Comparative Poetics, No. 5, The Mystical Dimension in Literature (Spring, 1985), p. 27; Cevdet Kudret. Yunus Emre. Ankara: Эnkэlвp Kitabevi, 2003. p. 58; Grace Martin Smith. The Poetry of Yunus Emre, A Turkish Sufi Poet. Berkeley and Los Angeles: University of California Press, 1993; Turgut Durduran. YUNUS EMRE. durduran@force.stwing.upenn.edu.
6. Schimmel A. Garten der Erkenntnis. Das Buch der Vierzig. Sufi: ~ Meister: DIE DERICHS GELBE REIHE. 1993.